Ўзбекистон Қатар билан коррупцияга қарши курашишда тажриба алмашади
Шунингдек, БМТ шафеълигида ўтказиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими жорий йил Тошкентда ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Қатарнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ўзаро тажриба алмашади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов маълум қилди.
“БМТнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича махсус вакили, Қатар давлати Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази васийлар кенгаши раиси Али бин Фетаис ал Маррий билан Ўзбекистон ва Қатар ўртасида коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, Қатарнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари билан ўзаро тажриба алмашишга келишиб олдик”, деб ёзади Акмал Бурханов ўзининг Telegram-каналида.
Қўшимча қилинишича, БМТ шафеълигида ўтказиладиган коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимини 2023 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш масаласи муҳокама қилинган.







