Ўзбекистон Россиянинг Белгород вилоятига инсонпарварлик ёрдами юборди
Юкда кийим-кечак ва пойабзаллар, дори-дармон, шунингдек, 1-синф ўқувчилари учун мактаб тўпламлари мавжуд.

26 август куни оғирлиги тахминан 12 тонна бўлган инсонпарварлик ёрдами Россиянинг Белгород вилояти Шебекинский тумани аҳолисига етказилди. Бу ҳақда Россия ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Юкда болалар ва катталар кийим-кечаклари ва пойабзаллари, дори-дармонлар, шунингдек, биринчи синф ўқувчилари учун мактаб тўпламлари мавжуд. Инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистоннинг давлат, жамоат ва нодавлат ташкилотлари орқали амалга оширилган.
"Россия томони Ўзбекистон раҳбарияти ва унинг фуқароларига икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам дўстлик анъаналарига, ҳар томонлама стратегик шерикликка асосланган муносабатларнинг юксак даражасини акс эттирувчи ушбу хайрихоҳлик учун чуқур миннатдорлик билдиради", — дейилади хабарда.
Белгород вилоятининг Шебекинский тумани мамлакатнинг Украина билан чегарасида жойлашган. Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари туфайли чегара ҳудудлари тез-тез ўққа тутилади. Май ойида минтақа ҳудудига ўзларини «Россия озодлиги» легиони ва Россия кўнгиллилар корпуси аъзолари деб таништирган диверсантлар кириб келган, улар 1 июнь куни ҳам фаол жанговар ҳаракатларни такрорлаган. Вилоят ҳукумати болалар ва аёлларни эвакуация қилган, РИА Новости маълумотларига кўра, жами 60 мингга яқин одам ўз уйини тарк этган.







