Андижонда болаларни урган тарбиячи ишдан олинди
Расмийлар тармоқда тарқалган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида “Муҳаммад Юсуф болажонлари” боғчасидаги тарбиячи болаларни ураётгани акс этган видео тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолатга йўл қўйган таълим ташкилоти тарбиячиси эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
“Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлиб, таълим тизими имижига салбий таъсир ўтказувчи ҳолатни юзага келтиргани учун мактабгача таълим ташкилоти раҳбариятига белгиланган тартибда интизомий чора қўлланилди”, — дейилади хабарда.







