Вашингтонда 1 сентябрь Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги куни деб эълон қилинди
Бу бўйича махсус декларация қабул қилинган.

Ўзбекистон мустақиллиги муносабати билан Вашингтон шаҳри мэри Муриел Баузер 2023 йил 1 сентябрьни АҚШ пойтахтида “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қабул қилинган декларацияда АҚШ пойтахти мэри Ўзбекистонда Мустақиллик кунининг аҳамиятини таъкидлаб, Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олганини қайд этган. Мэрнинг баёноти ушбу куннинг аҳамиятини эътироф этибгина қолмай, балки ўзбек жамоаларининг Вашингтоннинг “бой хилмахиллиги, маданияти ва анъаналарига” берадиган қадриятини урғулайди.
1993 йилда Вашингтонда Ўзбекистон элчихонаси очилганидан буён Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларда сезиларли яхшиланиш кузатилди.
Декларацияда таъкидланишича, Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, жумладан, чегара ва минтақавий хавфсизлик дастурлари, иқтисодий лойиҳалар, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инглиз тили таълимини ривожлантириш каби йўналишларда мустаҳкам ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.
Бундан ташқари, шаҳар мэрияси Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасига икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шахслараро алоқаларни йўлга қўйиш ва икки давлат ўртасида маданий алмашинувни ривожлантиришда салмоқли муваффақиятларга эришгани учун миннатдорлик билдирди.







