Ўзбекистон–Исроил ўртасидаги авиакомпаниялар чеклови бекор қилинди
Бу бўйича Тел-Авив шаҳрида ҳужжат имзоланган.

Ўзбекистон ва Исроил ўртасида ҳаво қатновини амалга оширишда авиакомпаниялар сони бўйича чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
6 сентябрь куни Тел-Авив шаҳрида Ўзбекистон ва Исроил авиация маъмуриятлари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Исроил Давлати Ҳукумати ўртасида тузилган ҳаво транспорти тўғрисида Битим”га ўзгартириш киритиш тўғрисидаги баённома имзоланди.
Ҳужжат Исроил давлати транспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги вазири Мири Регев, Ўзбекистоннинг Исроилдаги фавқулодда ҳамда мухтор элчиси Феруза Маҳмудова томонидан имзоланган. Унда икки давлат ўртасида ҳаво қатновини амалга ошириш учун авиаташувчилар сони ва йўналишлари бўйича белгиланган чекловлар олиб ташланиши назарда тутилган.







