ДХХ қўшни давлатлардан келтирилган «гашиш» контрабандасига чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати вилоятлар божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Хусусан, Янгиқўрғон туманида истиқомат қилувчи, 1975-йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадонида Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган 9 кг. 766 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Андижон – Наманган йўналишида ҳаракатланаётган, Пахтаобод туманида яшовчи, 1995-йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан Уйчи тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, унинг салон қисмида Қирғиз Республикасидан олиб келинган 1 кг. 379 гр. «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Пискент туманида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилиб, хуфия жойга яшириб кетилган 8 кг «гашиш» моддасини қабул қилиб олган вақтларида Фарғона вилоятида яшовчи, 1975 ва 1981 йилларда туғилган 2 нафар шахс ушланди.
Шунингдек, Бекобод шаҳрида яшовчи, 1996-йилда туғилган фуқаро ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам мазкур жойга қолдириб кетганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







