Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархи ошиши мумкин
Бу бўйича Ҳукумат қарори муҳокамага қўйилди.

2023 йилнинг 1 октябридан юридик шахслар учун электр энергияси ва табиий газ тарифларини ошириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, 2023 йил 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун электр энергияси ва табиий газ тарифларини ошириш таклиф этилмоқда.
Хусусан, 1- ва 2-гуруҳдаги электр энергияси истеъмолчилари (ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотлари)га ўзгаришсиз – 1 кВт⋅соат учун 1 000 сўмгача, қолган юридик шахслар учун 900 сўмгача (ҳозирги вақтда 450 сўм) деб белгиланиши мумкин.
Табиий газ тарифлари эса ОКМК, НКМК, “Ўзметкомбинат” ва бюджет ташкилотларига ўзгаришсиз – 1 куб метр учун 1 800 сўмгача, бошқа ташкилотларга 1 500 сўмгача (ҳозирги вақтда 660 сўм) миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
Лойиҳада аҳоли учун ҳам электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари ўзгаришсиз, амалдаги нархларда қолиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, электр энергияси ва табиий газ учун тариф нархлари охирги марта 2019 йилнинг августида оширилган эди.







