Паркентда II–VI асрларга тегишли қабр топилди
Қабр ичидан қўлда ясалган сопол идишлар ҳам чиққан.

Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги “Кумушкон” МФЙда II–VI-асрларга тегишли қабр топилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар берди.
“Кумушкон” МФЙ Бирдамлик кўчасидаги йўл четида ичимлик суви ўтадиган полиэтилен трубаларни ер остига кўмиш учун қазилганда ернинг устки сатҳидан 50 см пастликдан ўтов шаклидаги бўшлиқ очилиб қолган. Бўшлиқдан тўққиз дона сопол идишлар топилган.
Археологлар томонидан юқорида манзили кўрсатилган жой текширилганда баландлиги —1.5 – 1.6 м, диаметри 1.8 – 1.9 м, ички шифти гумбаз шаклида бўлган ер ости қурилмаси қадимий қабр қўрғони бўлгани аниқланди.
Қабрдан олинган сопол идишлар марҳумларни дафн этиш чоғида қабрнинг четларига қўйиб чиқилган бўлган. Уларнинг барчаси қўлда, яъни кулолчилик чархи ёрдамисиз ясалган. Идишларнинг устига қизғиш рангдаги суюқ ангоб (бўёқ) суртилган. Уларни ясашда лойига майда қум-тошлар, майдаланган оҳактошлар аралаштирилган.
Бу топилган идишларнинг уч донаси бир балдоқли кўза, бир донаси икки балдоқли тувак, икки донаси бир балдоқли қадаҳ (кружка), икки донаси коса ва бир донаси пиёла бўлиб, афтидан улар суюқлик қуйилиб қабрга қўйилган. Суюқликлар узоқ йиллар давомида парланиб йўқ бўлиб кетган. Фақатгина кўзалардан бирида сут қаймоғининг кукун шаклидаги қолдиқлари сақланган.







