Сурхондарёда чегарадан салкам 70 кг наркотик олиб кираётган шахс ушланди
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши очилган.

Сурхондарё вилоятидаги «Сариосиё» чегара божхона постида 70 килограммга яқин наркотик модда ушлаб қолинди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
«Сариосиё» божхона постида Ўзбекистонга кириб келган ва ҳужжатларда «бўш» деб кўрсатилган юк автотранспорт воситаси инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилган. Автомашина чуқурлаштирилган божхона кўригидан ўтказилгач, унинг кабинасидаги кўз илғамас бўшлиқларга 66 та ўрам модда яширилгани маълум бўлди.
Мазкур ўрамлар очиб кўрилганда уларнинг 30 тасида 31,9 килограмм оғирликда «героин», 36 тасида 37,3 килограмм оғирликдаги «гашиш» гиёҳвандлик воситаси жойлангани фош этилди.
Ушбу ҳолатда жами ушланиб қолинган гиёҳвандлик воситаларининг оғирлиги ўрами билан ҳисоблаганда 69,2 килограммни ташкил этди. Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







