Эко-мактаб ўқувчиларига "Яшил байроқ" топширилди
Халқаро мукофотга Ўзбекистоннинг иккита мактаби муносиб кўрилди.

"Eco-schools Uzbekistan" лойиҳаси доирасида Экологик таълим фонди (ФЕЕ) 7 қадам дастурининг олий мукофоти — Яшил байроқни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
ФЕЕ вакиллари томонидан ўтказилган аудит натижаларига кўра экология соҳасидаги нуфузли халқаро мукофотга Ўзбекистоннинг 2 та мактаби: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ва маросимга мезбонлик қилган Тошкент шаҳри 81-сонли мактаби муносиб топилди.
Тақдирлаш маросимида "Замин" фонди Васийлик кенгаши раиси, Европа Иттифоқи, БМТ ва унинг таркибий тузилмаларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбарлари иштирок этди.
Зироат Мирзиёева эко-мактаблар ўқувчиларини Барқарор ривожланиш рамзи — Яшил байроқни қўлга киритгани билан самимий қутлади ҳамда "Мамлакатимиз бир. Сайёрамиз бир. Вазифамиз битта — уни асраб-авайлаш. Барчамиз бир бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Бугунги фаоллигингизни кўриб, келажагимиз ишончли қўлларда эканига ишонаман", деб таъкидлади.
Мактаб ҳудудида Тошкентдаги "Eco-schools Uzbekistan" лойиҳасида иштирок этаётган барча мактаблар томонидан тайёрланган кичик эко-таълим фестивали ташкил этилди. Барча хоҳловчилар эфир мойлари ва қиём тайёрланиши, чиқиндини саралаш, энергияни тежаш ва сувдан оқилона фойдаланишга мўлжалланган ускуналар яратилишини кузатиш, иссиқхонага кириб кўриш, тупроқни ўрганиш бўйича лаборатория жараёни, болалар ўз қўллари билан тайёрлаган тупроқни бойитувчи ва суғоришда сувни иқтисод қилувчи биогумус билан танишиш имкониятига эга бўлди.







