Президент Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V Маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади
Учрашувда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётгани асосий натижа сифатида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган саммитда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.
Марказий Осиёда барқарорлик ва бирдамлик мустаҳкамланаётгани асосий натижа сифатида қайд этилди.
Минтақамиз иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаоллик марказларидан бирига айланмоқда, Ғарбни Шарқ ва Шимолни Жануб билан боғлайдиган транспорт хаби бўлишдек тарихий вазифани яна ўз зиммасига олмоқда.
Глобал жараёнларнинг минтақанинг барқарор ривожланишига таъсири чуқур таҳлил қилиниб, бундай хавф-хатарларга самарали қарши туриш имконияти кўп қиррали шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга боғлиқлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги истиқболлари бўйича қатор таклифларни билдирди.







