Ўзбекистонга энг кўп гуманитар ёрдам берган мамлакатлар номи аниқ бўлди
Давлатга 6 ой ичида 23 давлатдан гуманитар ёрдам юклари кириб келган.

Ўзбекистонга 2023-йил январ-июн ойларида 23 та давлатдан гуманитар ёрдам юклари кириб келди. Бу ҳақда 2023-йил биринчи ярим йиллигидаги буджет ижроси бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тақдим этган ҳисоботда ma’lum qilindi.
Унга кўра, мамлакатга умумий қиймати 123 314,8 минг доллар миқдорида гуманитар ёрдам юклари кириб келган бўлиб, унинг асосий салмоғи Германия — 48 675,9 минг доллар (39,5 фоиз), Хитой — 27 259,8 минг доллар, (22,1 фоиз) Америка Қўшма Штатлари — 17 074,1 минг АҚШ доллар (13,8 фоиз) давлатларига тўғри келади. Умумий гуманитар ёрдамнинг 75,4 фоизи юқоридаги уч давлатга тегишли.
Кириб келган гуманитар ёрдам соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, соғлиқни сақлашга (94 151,8 минг доллар), таълимга (27 366,8 минг доллар) ва газ таъминоти корхоналарига суюлтирилган газ учун (1 651,6 минг доллар) ҳамда “Шарқ аёли” жамғармасига (273,7 минг доллар) йўналтирилган.
Кириб келган гуманитар ёрдамнинг 76,4 фоизи соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади.








