“Кафка ва К*”: ҳар бир ота-она кўриши керак бўлган спектакл

“Шамс-и-Қамар” театр студияси. Бошқа театрлардан фарқли ўз томошабинини номма-ном танийди. Ҳар қандай стереотип-қолиплардан ҳоли, фақат ва фақат театр, санъат учун кўнгилли, кўнгилдан ижод қилади.

“Кафка ва К*”: ҳар бир ота-она кўриши керак бўлган спектакл

 

Тахта эшик. Кўримсизгина кулба. Деворга картиналар осиғлиқ. Илгари бу ерда рассом Виктор Губский яшаган. Ўн беш йилдан бери эса ичида театр ва санъатга ўзгача оташи, жунуни бўлганларга ижодхона, саҳна вазифасини ўтамоқда. Зиёлилар орасида бу кулбани билмайдиганлар кам. Шовқину маиший муаммоларга ботиб қолган одам адаша-адаша бу масканга келади-ю, кўнгли ва аслиятини топиб қайтади. Унинг номини “Шамс-и-Қамар” театр студияси дейдилар.

 

“Кафка ва К*” спектакли (Франц Кафканинг “Отамга мактуб” эссеси ва “Эврилиш” новелласи асосида) билан 15-мавсум очилди. Чироқ ўчирилди. Спектакл бошланди. Кичик хона бурчагига амал-тақал сиққан 10-15 чоғли томошабин орасидан актёр (Мухтор Асроров) оқ кўйлакка капалакнусха бўйинбоғ қўндириб, калта қора иштон ва узун оппоқ пайпоқда қўлларини орқага маҳкам сиққанча чиқиб келди. Саҳна шундоқ томошабиннинг бурни тагида – икки қадам нарида. Хона деворлари кўчиб, ўпирилиб тушган, иккита – катта-кичик деразаси бор, хона тўрида эшик ва стул, деворнинг икки томонига бузуқ соат, онасининг портрети ва тўн билан дўппи илинган, ўртада кўрпача турибди.

 

 

Режиссёр Жамшид Валиев ишига тан бермай иложи йўқ: гўё рассом Виктор Губский қачонлардир унинг Кафка асарига спектакл саҳналаштиришини олдиндан билган-у, шунга мос уй қуриб кетгандек. Саҳнадаги ҳар бир детал – деворнинг кўчкисию, синиқ дераза дарчасигача, актёрнинг бир маромдаги монологи, унга зид ҳолда кескин ҳаракатлари, кийимидан то зирагигача, орага бир дам чўкувчи сукунат  ва мусиқагача – ҳаммаси ГАПИРАДИ. Ҳатто томошанинг кечки, шом пайтига мўлжалланганида ҳам маъно бор: қаҳрамон ҳис-туйғулари жўшгани сари деразадан ичкарига мўралаётган оқшом ҳам қуюқлаша боради. Қоронғилик қаҳрамон ички ҳолатини тасвирлабгина қолмай, томошабинни ҳам ўша зулматга ва ё зулматни унинг ичига олиб кира олган.

 

Кўҳна ва ҳеч эскирмас мавзу: ота-бола муносабати. Отасининг олдида ўзини суваракдек ҳис қилган фарзанднинг отага мурожаати, иддаоси, исёни, нафрати, изтироби... ва муҳаббати. Томошабин бир соатлик моноспектакл пайтида шу туйғуларнинг барини туяди, актёрга қўшилиб ҳолатдан ҳолатга ўта боради. Саҳнадаги реквизитлар ҳам ҳолатдан-ҳолатга кўчиб, маъно эврилади: стул бир қарасанг ёстиққа, бир қарасанг панжарага, кўрпача эса аввалига ўз вазифасида, кейин жойнамоз, китобга айланади.

 

 

Шунингдек, спектаклда “Беқасам тўнлар кийиб, бунча мени куйдурасан, Ҳар замонда бир қараб, вой беажал ўлдурасан” ва “Оқ илон, оппоқ илон ойдинда ётгонинг қани, Мен ёмондан айрилиб, яхшини топгонинг қани?” қўшиқларининг ўғилнинг отага мурожаати тарзида янграши режиссёр топилмаси бўлган, деб айтиш мумкин.

 

Ўғил саҳнада одам эмас, суварак образида намоён бўлади. Отасининг унга ёшликдаги тазйиқи, зулми, қалбига жойлаган ваҳми сабаб у ўзини одамдек эмас, ўзига ишончи йўқ, майда, аҳамиятсиз ҳашаротдек бўлиб ўсгани ва шундай ҳис қилишини очиб-сочади. Юзига боқиб айтолмаган неча йиллик дарди, оғриғи ва муҳаббатини тўкиб-сочиб, китобни ёпади (кўрпачани тахлайди).

 

Бу пайтда хона ичига буткул зулмат чўкканди. Актёр спектакл сўнгида саҳнани тарк этаркан, туйқус чироқни ёқиб, сўнг эшик хатлади. Томошабин миқ этмай, ҳар бири ўз таассуроти, хаёли билан ўтирибди. Ҳеч ким бир-бировга боқмайди, ҳамманинг кўзи бир нуқтага (балки ўтмишга) қадалган. Аммо чироқ ёнди. Ўғил ичидаги асраб юрган неки бор тўкди-қутулди. Ичидаги жанг тугади. Кўнгли ёришди, енгил тортди.

 

 

Чироқ ёнди. Спектакл тугади. Ва ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Ташқарига оқшом чўккан. Пойи-пиёда йўлнинг четида кетиб боряпман, зув-зув ўтаётган машиналар шовқинини миямда ғув-ғув айланаётган хаёллар босиб кетяпти: “Ота-она бўлмоқликнинг масъулияти бунчалар оғир. Фарзандларимни қандай тарбияласам тўғри бўлади? Қандай йўл тутсам, уларнинг қалбида нафрат уйғотмайман ўзига, ўзимга ва оламга?..”

 

Асосий қаҳрамони Қўрқув бўлган Франц Кафка асарлари бизнинг жамиятга бегона эмас. “Кафка ва К*” моноспектаклидаги қаҳрамон оғриқлари, изтироби, нафрати, исёни ва муҳаббатини орамиздаги кўпчилик бошидан кечирган. Болага ҳукмронлик, тазйиқ, зўравонлик эса асосий тарбия усулимиз. Ҳатто ўзимизча унга мос мақол-маталлар ҳам битиб олганмиз: “Қўрқса, ҳурмат қилади!” Болалигимиздан миямизга сингдирилган бу фикрнинг маҳсулини ҳар қадамда – оилада, ишда, ўзаро муносабатларда ҳар куни кўрамиз. Бу туйғу қадриятга айланиб, биз билан шунчалар бир бутун бўлиб кетганки, кундалик югур-югурлар у ҳақда ўйлаб кўришга-да фурсат қолдирмайди.

 

 

“Шамс-и-Қамар” театр студияси ҳақида кўп эшитганман. Эшитганим ҳамоно бир бориб кўриш истаги туғилган. Бир кўриб эса, яна ва яна қайтгим келяпти бу даргоҳга. Уч кишидан иборат жамоа (режиссёр, актёр ва бадиий раҳбар Қамариддин Ортиқов) бугунгача шу кичик саҳнада катта асарлар яратди (“Жайдари Мартин”, “Бизнинг, фақат бизнинг Кичик шахзода”, “Ч.А.Ч.А.”, “Фаюмжаҳон”, “Шарпалар”, “Момо Ер”, “Кўк квадрат”). Бошқа театрлардан фарқли ўз томошабинини номма-ном танийди. Ҳар қандай стереотип-қолиплардан холи, фақат ва фақат театр, санъат учун кўнгилли, кўнгилдан ижод қилади. Тошкентнинг бир бурчида кўнглинг тортиб борадиган бир “кулба”нг бўлгани қандай яхши.

 

Кўнглингиз тўкилиб, маиший муаммолардан чарчаб, тўйиб кетгандагина эмас, уларга қул бўлиб қолмаслик учун ҳам театрга боринг. Қўрқув, ваҳима, зулм каби ўзингизни-да, ўзгани-да еб битирувчи касалликлардан озод бўлинг. Театрга қайтинг, аслингизга қайтинг. Кафка асарлари асосидаги моноспектаклни эса ҳар бир “отаман”, “онаман” дегувчи одамнинг бориб кўришини жуда истардим.

 

Севара АЛИЖОНОВА,

журналист

Ғазода Исроил ҳужумлари: саккиз нафар фаластинлик ҳалок бўлди

Ғазода Исроил ҳужумлари: саккиз нафар фаластинлик ҳалок бўлди

Ҳалок бўлганлар орасида тўрт ёшли бола ҳам бор. Ҳужумлар Ғазонинг жанубидаги Хон Юнис ва шимолидаги Ғазо шаҳрида содир этилган.

“Оғир моддий аҳволга тушиб қолган”: она ва фарзандлари Ўзбекистонга қайтарилди

“Оғир моддий аҳволга тушиб қолган”: она ва фарзандлари Ўзбекистонга қайтарилди

Аёл Хабаровскда Россияда бўлиш қоидаларини бузганлиги сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўхтатилган.

Тошкентда ҳаво сифати: 2 ноябрь куни эрталаб яхшиланиши кутилмоқда

Тошкентда ҳаво сифати: 2 ноябрь куни эрталаб яхшиланиши кутилмоқда

2 ноябрга ўтар кечаси ҳаво сифати АQI бўйича «носоғлом», миллий индекс бўйича эса «зарғалдоқ» даражага етиши мумкин.

Тошкентда қиз ўзини каналга ташлади: инспекторлар уни қутқариб қолди

Тошкентда қиз ўзини каналга ташлади: инспекторлар уни қутқариб қолди

У шифохонага етказилгани, ҳозирда аҳволи барқарорлиги билдирилди.

Россияда нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учради: корхона жиддий зарар кўрди

Россияда нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учради: корхона жиддий зарар кўрди

Украина Теlegram каналлари ҳужум нишони «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи бўлганини ва у ерда ёнғин чиққанини хабар қилмоқда.

Трамп қароргоҳига зенит-ракета мажмуалари жойлаштирилди: хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Трамп қароргоҳига зенит-ракета мажмуалари жойлаштирилди: хавфсизлик чоралари кучайтирилди

Бу хавфсизликка таҳдидлар кучайгани ҳақидаги огоҳлантиришлар фонида амалга оширилган.

Бангладешда данг эпидемияси кучаймоқда: 418 киши вафот этди

Бангладешда данг эпидемияси кучаймоқда: 418 киши вафот этди

Мутахассислар эпидемия ноябрь ойида ҳам давом этиши, вазият декабргача ҳам яхшиланмаслигини прогноз қилмоқда.

«Ал-Насср» Тошкентга келмоқда: Роналду қайдномада борми?

«Ал-Насср» Тошкентга келмоқда: Роналду қайдномада борми?

«Пахтакор» ва «Ал-Насср» ўртасидаги учрашув 2 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.