Ғазода Исроил ҳужумлари: саккиз нафар фаластинлик ҳалок бўлди
Ҳалок бўлганлар орасида тўрт ёшли бола ҳам бор. Ҳужумлар Ғазонинг жанубидаги Хон Юнис ва шимолидаги Ғазо шаҳрида содир этилган.

Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган дрон ҳужумлари оқибатида камида саккиз нафар фаластинлик, жумладан, тўрт ёшли бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.
Маълум қилинишича, Ғазонинг жанубидаги Хон Юнис шаҳри яқинидаги ал-Маваси ҳудудида полиция ходимларига дрон орқали зарба берилган. Оқибатда беш нафар полициячи ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган. Фаластин Ички ишлар вазирлиги ходимлар хизмат вазифасини бажараётган вақтда нишонга олинганини билдирган.
Ғазо шаҳрининг Римал маҳалласига берилган навбатдаги зарба оқибатида эса камида уч киши, жумладан, тўрт ёшли бола ҳалок бўлган. Шунингдек, аввалги ҳужумда яраланган яна бир киши вафот этган.
ҲАМАС Исроилнинг ҳужумларини қоралаб, уларни «қасддан содир этилган ҳарбий жиноят» деб атади. Ҳаракат баёнотида полициячиларнинг нишонга олиниши Ғазо секторида барқарорликни издан чиқариш ва тикланиш ишларига тўсқинлик қилишга қаратилгани таъкидланган.
Исроил армияси эса жанубдаги ҳужумда «террорчи» нишонга олинганини маълум қилган.
Қайд этилишича, АҚШ воситачилигида 2025 йил октябрь ойида кучга кирган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари давом этмоқда. Келишув кучга кирганидан бери 1 500 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан буён Исроил ҳужумлари оқибатида жами 74 594 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.








