Россияда нефтни қайта ишлаш заводи дронлар ҳужумига учради: корхона жиддий зарар кўрди
Украина Теlegram каналлари ҳужум нишони «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи бўлганини ва у ерда ёнғин чиққанини хабар қилмоқда.

Украина дронлари Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги саноат корхонасига ҳужум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, корхона жиддий зарар кўрган, жабрланганлар йўқ. Бу ҳақда вилоят губернатори Глеб Никитин маълум қилди.
Ҳодиса 1 ноябрга ўтар кечаси Кстово туманида юз берган. Губернатор қайси корхона нишонга олинганини очиқламаган.
Бироқ Украинанинг Exilenova+ ва Supernova+ мониторинг каналлари ҳужум Россиядаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири — «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез»га қаратилганини хабар қилган. Уларнинг маълумотларига кўра, завод ҳудудида ёнғин чиққан. Шикастланган қурилмалар ва ишлаб чиқариш қувватларига етказилган зарар ҳозирча аниқ эмас.
Губернаторнинг айтишича, ўтган тунда вилоят осмонида 100 дан ортиқ дрон уриб туширилган. Россия Мудофаа вазирлиги эса мамлакатнинг 17 та ҳудудида 235 та Украина дрони йўқ қилинганини билдирган.
Маълумот учун, мазкур нефтни қайта ишлаш заводи жорий йилда ҳам бир неча бор дронлар ҳужумига учраган.
Reuters хабарига кўра, август ойидаги ҳужумлар оқибатида технологик қурилмалар шикастланиб, корхона фаолиятини вақтинча тўхтатган. Сентябрда эса завод номинал қувватининг атиги 25 фоизида ишлаган.








