«Ал-Насср» Тошкентга келмоқда: Роналду қайдномада борми?
«Пахтакор» ва «Ал-Насср» ўртасидаги учрашув 2 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.

Саудия Арабистонининг «Ал-Насср» клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнири доирасида «Пахтакор»га қарши ўтказиладиган учрашув учун Тошкентга йўл олди. Бироқ жамоа етакчиси Криштиану Роналду ушбу сафарга жалб этилган футболчилар рўйхатига киритилмаган.
Саудиянинг Arriyadiyah нашри хабар беришича, «Ал-Насср» делегацияси 31 октябрь куни Ал-Аҳсо халқаро аэропортидан хусусий самолётда Ўзбекистон пойтахтига учиб кетган.
Маълум қилинишича, жамоа бош мураббийи Анге Постекоглу Криштиану Роналду билан бир қаторда Муҳаммад Симакан ва Кингсли Команни ҳам Тошкентга олиб келишга қарор қилмаган. Шу тариқа, уч футболчи «Пахтакор»га қарши баҳсни ўтказиб юборади.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ Кингсли Коман «Нефтчи»га қарши учрашувда жароҳат олганига қарамай, умумий гуруҳ машғулотларига қайтгани хабар қилинганди. Муҳаммад Симакан ҳам жароҳатидан тикланиб, майдонга тушишга тайёр эди.
Постекоглу эса Тошкентдаги учрашув учун Абдураҳмон Суфёний, дарвозабонлар Абдулҳоди ал-Алвон ва Абдураҳмон ал-Утайбий, шунингдек, Ракан ал-Ғомидий ҳамда Аввад Аманни таркибга жалб қилган.
Эслатиб ўтамиз, «Ал-Насср» Саудия Арабистони чемпионатининг сўнгги турида «Ал-Хулуд»ни 5:3 ҳисобида мағлуб этган. Ушбу баҳсда Криштиану Роналду хет-трик қайд этган бўлса, Жоау Феликс тўртта голли узатмани амалга оширган.
«Ал-Насср» Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг Ғарб минтақасида ҳозирга қадар бир ғалаба ва бир мағлубият қайд этиб, 3 очко билан 9-ўринда бормоқда. Жамоанинг БААнинг «Ал-Васл» клубига қарши 3-тур учрашуви эса бошқа муддатга қолдирилган.
«Пахтакор» ва «Ал-Насср» ўртасидаги учрашув 2 ноябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади.
Тошкентдаги баҳсдан кейин Саудия клуби тўғридан-тўғри Ал-Қасим минтақасига йўл олади. У ерда жамоа 6 ноябрь куни миллий чемпионат доирасида «Ал-Ҳазм»га қарши майдонга тушади.








