Экология вазирлиги барчани жамоат транспортидан фойдаланишга чақирди
22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз куни.

Бугун Ўзбекистонда “Автомобилсиз кун” сифатида нишонланади.
Мазкур кунни нишонлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
“Вазирлик барчани "Автомобилсиз кун"га бефарқ бўлмаслик, шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чақиради”, — дейилади Экология вазирлиги хабарида.
"Автомобилсиз кун"ни ўтказишдан асосий мақсад автомобиллардан чиқаётган турли заҳарли газлар орқали атмосферанинг заҳарланишини камайтиришга ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, пиёда юриш ва велосипедда сайр қилишни кенг тарғиб этиш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш мақсад қилинган.
Маълумот ўрнида: Дунёда "Автомобилсиз кун" тадбири 1995 йилдан буён ўтказилади. Жаҳон узра оммалашганганига эса 23 йил бўлди.







