Келаси йил Ўзбекистонда МДҲ адлия вазирлари йиғилади
Кенгашга Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирлари кирадилар.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 18-мажлиси 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилади.
Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг ўн еттинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон адлия вазири Акбар Ташкулов иштирок этди.
Мажлис давомида Кенгаш аъзолари 2024 йилда МДҲга аъзо давлатлар адлия вазирлари кенгашига раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши, 2024 йил учун Кенгашнинг Чора тадбирлар режасининг қабул қилиниши, 2027 йилни МДҲда Ҳуқуқий маърифат йил деб эълон қилиш ва бошқа масалаларни муҳокама қилишди.
Адлия вазири Ташкулов ўз сўзида Ўзбекистонда юридик хизмат, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оптималлаштириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди.
"МДҲ иштирокчи давлатлари адлия вазирлари Кенгашининг 18-мажлисини 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олинди", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Адлия вазирлари Кенгаши МДҲ иштирокчи давлатларнинг давлат раҳбарлари Кенгаши ва давлат ҳукуматлари раҳбарлари Кенгашининг органи ҳисобланиб, ўз ваколати доирасидаги масалалар, жумладан, адлия вазирликлари билан ҳамкорлик қилиш, МДҲ иштирокчи давлатлари қонунчилигини уйғунлаштириш, иштирокчи-давлатларнинг ҳуқуқий сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш каби ва бошқа масалалар билан шуғулланади.
МДҲ Кенгаш аъзолари қаторига Ўзбекистон 2019 йилда аъзо бўлган. МДҲ Кенгашига Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон адлия вазирлари кирадилар.








