Самарқанддаги боғчада овқатга гўшт ўрнига суяк солингани айтилмоқда
Ҳолат юзасидан расмийлар изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги мактабгача таълим муассасасида болалар овқатидан гўшт кам чиққани акс этган видео тарқалди. Ҳолатга вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.
Видеода Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси мутасаддиларининг вилоятнинг Қўшработ туманидаги 5-мактабгача таълим ташкилоти ошхонасини кўздан кечиргани акс этганди. Унда болалар овқатида солиниши керак бўлган гўшт кам чиққани танқид қилинган.
Расмий муносабатда айтилишича, бошқарма болаларнинг ҳаққига хиёнатни кечириб бўлмас ҳолат деб ҳисоблайди. Шу боис бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бошқарма ходимларидан иборат ишчи гуруҳи ҳам жойларда мунтазам ўрганишлар олиб боради.
“Шу ўринда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ишчи гуруҳига боғчаларда болалар ҳаққига қилинаётган хиёнатни аниқлашдаги кўмаги учун вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси миннатдорлик билдиради.
Бироқ СEО ва ЖСҚ вилоят мутасаддиларининг ўзлари қозонга мўралаётганда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиб, махсус кийим-бошларда ошхонага кирсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, — дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, бошқарма ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар бўйича мутасаддиларга чоралар кўриш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда. Ҳолат юзасидан масъулларга кўрилган чоралар бўйича батафсил маълумот берилади.







