“Антиструмин” ишлаб чиқарган корхонада текширув бошланди
Аввалроқ мазкур дори воситаси истеъмоли вақтинча тўхтатилганди.

“Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “Samo” МЧЖ корхонасида фармацевтик фаолият бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси хабар берди.
Текширув давомида дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, Зарур ишлаб чиқариш амалиёти, Зарур дистрибюторлик амалиёти, Зарур сақлаш амалиёти давлат стандартларига, дори воситаларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва улгуржи реализация қилиш доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиш ва корхона томонидан мажбурий риоя қилиш шарт бўлган лицензия талаб ва шартлари бўйича ҳолатлар ўрганилади.
Шунингдек, Марказнинг аккредитациядан ўтган лабораториялари томонидан “Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламенти”га мувофиқ, “Антиструмин” дори воситасининг хавфсизлик кўрсаткичлари таҳлил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Чуст туманида 71 нафар бола доридан заҳарлангани хабар қилинганди. Шундан сўнг ССВ томонидан “Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Антиструмин)” дори воситаси истеъмолини лаборатория хулосалари чиққунга қадар зудлик билан вақтинча тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берилган.







