Гулнора Каримова айблови жиноий судга оширилди
Швейцария Бош прокуратураси 5 йиллик терговни якунлади.

Швейцария Бош прокуратураси жиноий тергов якунига кўра, 2023 йил 28 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Федерал судга Ўзбекистон Республикаси собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ва Россия телекоммуникация компанияси ўзбек филиалининг собиқ директорига нисбатан айблов хулосасини топширди. Прокуратура ахборотида компания номи ва раҳбарининг исми-шарифи очиқланмаган.
Икки айбланувчи турли мамлакатларда, жумладан, Швейцарияда фаолият юритган жиноий ташкилотга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Айбловлар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади ва жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, хорижий давлат амалдори сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштириш кабиларни ўз ичига олади.
Қайд қилинишича, 2018 ва 2021 йиллар оралиғида тергов натижасида тўрт киши судланган ва пул ювиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Шу билан бирга, 340 миллион Швейцария франкидан (4,5 трлн сўм) ортиқ пул Ўзбекистонга қайтарилиши учун мусодара қилинган. Ҳозирда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчи иши бўйича 440 миллион Швейцария франкидан (5,8 трлн сўм) ортиқ маблағлар ҳибсда қолмоқда.







