Ҳиндистонда икки киши Nipah вирусидан вафот этди
Санепидқўмита вирусдан сақланиш бўйича тавсиялар эълон қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистоннинг Керала штатида Nipah вируси авж олаётгани ҳақидаги маълумотини тақдим этди. Жорий йилнинг 22 сентябрь ҳолатига кўра, Нипаҳ инфекцияси бўйича олтита ҳолат тасдиқланган бўлиб, иккита ўлим ҳолати юз берди.
Nipah вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий касалликни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.
Савдо-сотиқ ишлари ёки саёҳат учун Ҳиндистонга боришга чоғланган фуқароларга мазкур вирусдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиши керак:
— шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;
— меваларни истеъмол қилишдан олдин яхшилаб ювиш;
— янги сиқилган хурмо шарбатини қайнатиб ичиш;
— кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.







