Шавкат Мирзиёев Германиядаги иқтисодий форумда қатнашмоқда
Президент навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси томонидан ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари “Марказий Осиё – Германия” иқтисодий форумига мунтазам тус бериб, навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда, барча мамлакатларнинг ишбилармон доиралари иштирокида ўтказишни таклиф қилди.
Ўзбекистон Президенти глобал миқёсдаги ишонч инқирозининг жаҳон бозорларига салбий таъсир кўрсатаётган, муқобил савдо-логистика йўналишларини излашга мажбур қилаётган оқибатларини бугун мамлакатлар ҳам сезаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан иштирокчиларнинг эътибори Марказий Осиёдаги жараёнларга қаратилди.
“Эндиликда бу умуман бошқача, кучли ва жипс минтақа. Мамлакатларимиз биргаликда замонавий таҳдидларга самарали қарши турмоқда, барқарор ўсишни намойиш этмоқда”, - деди Президент.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, яқин йилларда ялпи маҳсулотининг жами ўсиши беш фоиздан ортиқ даражада барқарор сақланиб қолади.
Бир неча йил ичида минтақа мамлакатлари кўплаб жиддий масалаларни ҳал этишга муваффақ бўлди - чегаралар очилди, савдо ва транспорт алоқалари, гуманитар алмашинувлар тикланди.
“Биз автомобилсозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқларида, қишлоқ хўжалигида муҳим кооперация лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.
Чегарадош ҳудудларда ҳамкорлик марказлари ва тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратмоқдамиз.
Шу туфайли халқаро ҳамжамиятнинг минтақамизга қизиқиши кучайиб бормоқда. Бугун Берлиндаги учрашувлар бунинг ёрқин тасдиғидир”, - деди Шавкат Мирзиёев.







