Шаҳрисабздаги қишлоққа тоғли ҳудуддан 2 та айиқ тушди
Экология вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида қишлоққа кириб қолган 2 бош айиқ ушланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Шаҳрисабз тумани Сойбўйи қишлоғи ҳудудига тоғли ҳудуддан Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган 2 бош Тян-Шан қўнғир айиқ болалари келиб тушган.
Вазият юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси, Шаҳрисабз туман ИИБ, Миллий гвардия, Тошкент ҳайвонот боғи ҳамда «Ҳисор» қўриқхонаси ходимларидан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилган.
Воқеа жойига етиб борган ишчи гуруҳ томонидан кўрилган оператив чора-тадбирлар натижасида айиқ болалари махсус ўқ-дорили қурол ёрдамида ухлатилган.
Шундан сўнг айиқ болаларига ҳеч қандай шикаст етказилмасдан «Ҳисор» давлат қўриқхонасининг “Танхоз” дарё бўлимига қўйиб юборилган.







