"Унинг бир сантиметри ҳам қурувчиларга берилмаслиги шарт"
Саида Мирзиёева Ботаника боғи ҳақида гапирди.

Тошкент шаҳридаги Ботаника боғи ҳокимлик балансига ўтказилиши ҳақидаги хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бунга Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева муносабат билдириб, боғ Фанлар академияси ихтиёрида қолишини маълум қилди.
"Ботаника боғи - бу кўнгилочар жой эмас. Бу - бутун шаҳримиз ҳар куни нафас олаётган Тошкентнинг "ўпкаси". Бу - биз ғурурланадиган тарих. 70 йилдан ортиқ вақт давомида истеъдодли олимларимиз ушбу боғда бебаҳо дарахтлар ва ўсимликларни етиштирдилар, уларга ўз меҳр-муҳаббатини бағишладилар. Юртимизда бундай маскан бошқа ҳеч қаерда йўқ.
Табиатнинг ана шу бир парчасини асраб-авайлаш, уни ҳимоя қилиш ва болаларимизга етказиш бизнинг бурчимиздир. Мен Ботаника боғини тижорий тузилмалар бошқарувига топширишга қатъиян қаршиман. Унинг бир сантиметри ҳам ижарачи ёки қурувчиларга берилмаслиги шарт.
Боғни олимлар яратган ва у олимлар ихтиёрида бўлиши, бутун ўзбекистонликлар учун хизмат қилиши лозим. У Фанлар академияси ихтиёрида қолади", дейди Мирзиёева.







