Россияда қурилишда ишлаётган ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди
У 7 қаватли уйнинг лифт шахтасига қулаган.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Стачек хиёбонида 7 октябрь куни 32 ёшли ўзбекистонлик лифт шахтасига йиқилиши оқибатида вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 32 ёшли марҳум Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Стачек шоҳ кўчаси, 59-уйда жойлашган 7 қаватли бинонинг юқори қаватидан лифт шахтасига тушиб кетган.
Вафот этган ўзбекистонлик ишлаган бинодаги қурилиш жараёни Капитал таъмирлаш жамғармасининг буюртмаси бўлиб, режа бўйича иш кейинги ҳафтада якунланиши керак бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилганми ёки йўқми прокуратура органлари ходимлари томонидан текширилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишчининг ўлими сабабларини ўрганмоқда.







