Андижон давлат университетида қарийб 40 миллиард сўм нақд пул талон-тарож қилинган
Аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 миллиард сўми ундирилиши таъминланди.

Ҳисоб палатасининг ягона “Масофавий назорат” маркази таҳлиллари асосида аниқлашича, Андижон давлат университетида жами 39,3 миллиард сўм нақд пул маблағлари талон-тарож қилинган. Жумладан:
➖контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8 761 нафар талабага 25,1 миллиард сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
➖талабалар томонидан тўланган 9,3 миллиард сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
➖талабаларга ҳисобланган 2,7 миллиард сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
➖бюджет маблағлари ҳисобидан 2 226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 миллиард сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
➖талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 миллион сўмлик нақд пуллар университет ҳисоб рақамига кирим қилинмасдан ноқонуний ўзлаштирилган.
➖университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузиб, шундан 300 миллион сўми нотўғри ўтказилган.
Аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 миллиард сўми ундирилиши таъминланди. Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.







