АҚШ Ўзбекистон маданий мероси учун 1 миллион доллар ажратди
Ушбу маблағ маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш учун сарфланади.

Ўзбекистон ва АҚШ ҳукуматлари ўртасида “Ўзбекистоннинг археологик ва этнологик материаллари тоифаларида импорт чекловларини жорий этиш тўғрисидаги Битим” имзоланди. Икки томонлама Битимни Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдикаримов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник имзолади.

"Ушбу келишув Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида музей ашёлари ва маданий бойликларнинг ноқонуний айланишининг олдини олиш ва қайтариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Битим археологик ва этнологик материалларни талон-торож қилишнинг олдини олиш ва махсус рўйхатга киритилган объектларни олиб киришга чекловларни белгилайди. Шунингдек, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш таъминланади ҳамда икки мамлакат ўртасида моддий маданий меросни тарғиб қилишга қаратилган қўшма кўргазмалар ўтказишга замин яратади", — дейди Баҳодир Абдикаримов.

"Бугун тарихий кун. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШ билан маданий бойликлар тўғрисидаги битимни имзолаган биринчи давлат бўлди. АҚШ Ўзбекистондан ташқари дунёнинг яна 25 та мамлакати билан шу каби шартномалар тузган. Маданий мерос, санъат ва санъат асарларини муҳофаза қилиш осон иш эмас. Шунинг учун ҳам ушбу келишув бугунги кунда жуда муҳим қадамдир. Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш учун АҚШ ҳукумати 1 миллион доллар ажратди. Биз Ўзбекистондаги маданий меросни ҳимоя қилиш ва унинг бой тарихини дунёга намойиш этиш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳамкорлик қилиш истагидамиз", — деди Жонатан Ҳеник.








