Фарғонада фуқаро 1 млрдлик газни ўғринча ишлатгани аниқланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ўтказилмоқда.

Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро Р.Ю. оҳак ишлаб чиқарувчи яширин цех ташкил этиб, тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги газ тармоғига ўғрилик йўли билан уланиб, жами 1,1 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







