8 йилда соғлом ва унумдор ерлар — тахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенг майдон йўқолган
Бу ҳақда БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау Самарқандда ўтаётган халқаро тадбирда маълум қилди.

Бугундан “Silk Road Samarkand” конгресс марказида БМТ конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси бошланди.
Тадбирда 196 мамлакат ва Европа Иттифоқидан 500 га яқин делегатлар, фуқаролик жамияти ва илмий доиралар вакиллари иштирок этмоқда. Улар Конвенциянинг стратегик мақсадларига эришиш йўлидаги тараққиётни кўриб чиқадилар. УНCCД имзоланганидан бери биринчи марта унинг энг муҳим йиғилишларидан бири Марказий Осиёда ўтказилмоқда.
CРИC-21 иштирокчилари БМТнинг 2018–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига мувофиқ ер деградациясининг олдини олиш бўйича глобал мақсадларга эришиш бўйича тараққиётни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш имкониятига эга бўлади.
Тадбирнинг 1-куни доирасида, 13 ноябрь куни биринчи ялпи мажлис бўлиб ўтди. Унда CРИC-21 раиси, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбоева ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов нутқ сўзлади.
“Дунё бўйлаб биз кузатаётган қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ва жазирама тўлқинлар бир-бири билан боғлиқ бўлган иқлим ва табиат инқирозларининг аломатларидир. 2015 йилдан бери тахминан 4 миллион квадрат км соғлом ва унумдор ерлар — тахминан Ўрта Осиё ҳажмига тенг майдон йўқолган. 2030-йилга бориб ердан фойдаланиш бўйича глобал мақсадларга эришиш учун ернинг кейинги деградациясини зудлик билан тўхтатишимиз ва камида 1 миллиард гектар майдонни тиклашимиз керак”, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау.
Ушбу йиғилиш жуда муҳим вақтда бўлиб ўтмоқда, чунки УНCCД томонидан тақдим этилган сўнгги маълумотлар шуни кўрсатадики, дунёдаги соғлом ва унумдор ерларнинг йиллик йўқотилиши тахминан 100 миллион гектарни ташкил қилади. Мавжуд тенденциялар давом этса, 2030-йилга бориб дунёда ер деградациясининг нейтраллигига эришиш учун 1,5 миллиард гектар майдонни тиклаш керак бўлади. Бироқ, қўшимча таназзулни тўхтатиш ва мавжуд мажбуриятларнинг бажарилишини тезлаштириш белгиланган мақсадлардан ошиб кетиши мумкин.
“Дунё уч томонлама глобал инқироз билан курашаётган бир пайтда ерга бўлган муносабатларимизни қайта кўриб чиқиш долзарб масаладир. Ерларимизни соғлом сақлаш иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва мослашиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизда устувор вазифа бўлиши керак.
CRIC-21 кўргазмасининг Ўзбекистонда ўтказилиши бежиз эмас, чунки у ер деградациясининг барча салбий оқибатларини — қурғоқчилик, қум ва чанг бўронларидан тортиб қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлиги ва биологик хилма-хилликни йўқотишгача бошдан кечираётган энг заиф мамлакатлардан бири мисолидир.
Асрлар давомида ўзбеклар анъанавий равишда деҳқончилик билан шуғулланиб келган, шу боис ер тарихда энг муҳим тирикчилик манбаи ҳисобланган. Бинобарин, бу муҳим тирикчилик манбаини жиддий таҳдид остида кўриш хавотир уйғотади ва аниқ чора-тадбирлар кўриш зарурлигидан далолат беради.
Иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти туфайли кўплаб муаммоларга дуч келсак-да, биз уларни ер ва умуман табиат билан муносабатларимизни чинакам қайта кўриб чиқиш имконияти сифатида кўрамиз. Атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари кун тартиби Ўзбекистон ҳукуматининг энг муҳим стратегик устувор йўналишларидан бири эканини мамнуният билан маълум қилмоқчиман. Биз ер деградациясининг нейтраллигига эришишга интиламиз ва бу борада дастлабки натижаларни кўряпмиз”, — деди Азиз Абдуҳакимов.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Осиё минтақаси ва МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб 1995-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган эди.







