Ўзбекистондаги кўплаб ташкилотлар лозим бўлган маълумотларнинг фақатгина ярмини очиқлаяпти
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликларни мониторинг қилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликларни мониторинг қилди.
Қайд этилишича, мазкур ташкилотлар жами эълон қилиниши лозим бўлган 1103 та маълумотдан 577 тасини очиқлаган.
Таҳлилларга кўра, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ эълон қилиш даражаси бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич марказий муассасалар, давлат улуши мавжуд ташкилотлар ва банклар ҳиссасига тўғри келади.
Мониторинг жараёнида аниқланишича, давлат органлари томонидан аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажатларига оид маълумотларни очиқ эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Жумладан, давлат органлари фаолиятидаги давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар 47 %, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 44 %, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 59 %, харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 42% кўрсаткичларда эълон қилинган.
Ўрганиш якунига кўра, Агентлик томонидан 23 та давлат органлари ва ташкилотларига очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.







