Андижонда мурувват уйининг собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
У 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани айтилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйининг собиқ директори м.м. қурилиш ишлари учун ажратилган 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти прокуратураси изоҳ берди.
Аниқлашича, “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида амалга оширилган қурилишлар давомида жами 1 миллиард 74 миллион сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган.
“Ҳолат бўйича қурилишни амалга оширган жамиятлар ҳамда интернат уйининг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” (кўп миқдорда фирибгарлик) банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади прокуратура ахборотида.
Хабарда қўшимча қилинишича, вилоят прокуратураси томонидан жиноят ишининг тергови устидан назорат ўрнатилган.







