Бухорода 5 кунлик чақалоқ операция қилинди
Шифокорлар нуқсон билан туғилган боланинг ҳаётини сақлаб қолишди.

19 ноябрь куни вилоят марказидаги 1-сон туғруқ комплексида туғилган чақалоқ икки томонлама бурун туғма хоана атрезияси ташхиси билан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига шошилинч равишда кўчирилган.
Туғма касаллик нуқсони билан дунёга келган чақалоқ жарроҳлик амалиётига муҳтож бўлган. Бир муддат қисқа тайёргарликдан сўнг тиббиёт маркази отолорингологи Ю.Рўзиқулова ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти доценти Х.Абдуллаев биргаликда икки томонлама бурун туғма хоана атрезиясини бартараф этишга доир жарроҳлик амалиёти бажарилган. Бу амалиёт марказда аввал ҳам пухта тайёргарлик билан ўтказилган, бироқ атиги 5 кунлик чақалоқда бундай амалиёт илк маротаба амалга оширилган.
Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилган. Боланинг бурун орқали нафас олиши тикланган ва унинг ҳозирги умумий аҳволи қониқарли.







