Шавкат Мирзиёев Дубайда бир нечта делегациялар билан учрашди
Учрашув якунида президент Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳийга Дўстлик” орденини топширди.

Давлат раҳбар 2 декабрь куни Бирлашган Араб Амирликлари инвестиция вазири, “ADQ” холдинги бош ижрочи директори Муҳаммад Ҳасан ал-Сувайдий,“Amea Power” компанияси раиси Ҳусайн Ал-Новайс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда “TAQA” компанияси раҳбари Жасим Ҳусайн Табет ва “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий ҳам қатнашди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида шериклик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Энергетика секторидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Ташриф доирасида бу йўналишда “Masdar” компанияси билан Стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари “Masdar” бош ижрочи директори Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳийга кўп қиррали Ўзбекистон-БАА муносабатлари ривожига қўшган шахсий ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.
Мамлакатимизда, энг аввало, “яшил” энергетика ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Компаниянинг Ўзбекистонда фаолият юритиш борасидаги режалари қўллаб-қувватланди.







