Тошкентда 1 миллиард сўмлик пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотлари сақланаётган омбор аниқланди
Жорий йилнинг ўтган даврида божхоначилар томонидан қиймати салкам 2,7 миллиард сўмлик пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги пиротехника воситаларининг хонадондаги яширин омбори фош қилинди.
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам турли йўллар билан республикамизга олиб кирилган 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар сақланаётгани маълум бўлди.


Шунингдек, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган 9500 қути тамаки маҳсулотлари ҳам сақланаётган экан.
Шундай қилиб, тезкор тадбир давомида олиб қўйилган пиротехника воситалари ва тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллиард сўмдан ошмоқда.



Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 140 га яқин божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати салкам 2,7 миллиард сўмлик 3 миллион 158 минг донадан зиёд пиротехника воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.







