Пекинда Ўзбекистон-Хитой таълим форуми ўтказилади
Унда қатор ҳамкорлик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.

22–23 январь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Хитой таълим форуми ўтказилади. Унда икки мамлакат томонидан 100 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, вазирлик ва идоралар масъуллари иштирок этади.
Форумда Ўзбекистон-Хитой университетлари ўртасида олий таълим ва илм-фан йўналишидаги алоқаларни жадаллаштириш, ўзбекистонлик талабаларнинг хитой тилини чуқурроқ ўрганишлари учун имкониятларни кенгайтириш, таълимда сунъий интеллектни жорий этиш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, энергетика, рақамлаштириш, кимё саноати йўналишларида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, стажировка ўташ, спин-офф корхоналарини ташкил этиш, технологиялар трансферини амалга ошириш, Хитой технологик парклари билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинади.
Форум якунида кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, ривожланган технологик ишлаб чиқариш соҳаларининг тажрибасини Ўзбекистон олийгоҳларига татбиқ этишга қаратилган қатор ҳамкорлик шартномаси имзоланиши кутилмоқда.







