Тошкентдаги корхоналарда чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади
Экология вазирлиги корхоналар фаолияти юзасидан мониторинг ўтказмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани туфайли атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар фаолияти юзасидан экологик мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида Чилонзор туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг И ва ИИ тоифасига мансуб 70 та корхонага, жумладан, бетон, ун маҳсулотлари, керамика ва кафель, мато-газлама ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди. Шунингдек, Сергели туманида атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг И ва ИИ тоифасига мансуб 68 та корхона чанг газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантирилди.
Қолаверса, Янгиҳаёт туманида жойлашган атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг И ва ИИ тоифасига мансуб 22 та корхонага чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилди.
Маълумот учун, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига асосан 2024 йил 12 январь ҳолатига Тошкент шаҳрида жойлашган 42 та корхона томонидан чора-тадбирлар режаси тақдим этилган. Шундан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича 75 та тадбир белгиланган.







