Ўтган йили салкам 260 триллион сўмлик давлат харидлари амалга оширилган
Жами харидларнинг энг кўп улуши ҳудудлар кесимида қайси шаҳарга тўғри келган?

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жасурбек Зокиров маълум қилди.
Шундан, бюджет буюртмачиларининг хариди 77 трлн сўмни ёки 30 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,6 фоизга, ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг хариди 176 трлн сўмни ёки 70 фоизни ташкил этган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,7 фоизга ошган.
Давлат буюртмачилари томонидан 115 трлн сўмлик харидларни рақобатли тарзда амалга ошириш натижасида 8,2 трлн сўм маблағлар иқтисод қилинишига эришилди.
Шунингдек, амалга оширилган жами харидларнинг энг кўп улуши ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри (39,6 фоиз), Тошкент вилояти (14,8 фоиз), Андижон вилояти (13,2 фоиз) ҳамда Навоий вилоятларига (12,6 фоиз) тўғри келмоқда.
Давлат харидлари тизимига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш орқали соҳада кенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида тизимли равишда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2024 йил 1 январ ҳолатига келиб давлат харидлари электрон тизимларида 231 мингта тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган. Бу эса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга яъни 28 мингтага ошган.







