Саида Мирзиёева ЮНЕСКО собиқ бош директори билан учрашди
Улар Самарқандда ташкил этилиши режалаштирилаётган "Буюк ипак йўли" музейи лойиҳаси билан танишдилар.

Кеча, 26 январь куни Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ЮНЕСКО собиқ Бош директори Ирина Бокова, “Оға Хон” жамғармасининг маданият бўйича Катта маслаҳатчиси Франческо Бандарин ҳамда “Wilmotte & Associés” архитектура бюросининг Бошқарувчи директори Борина Андрю билан учрашди.
Унда яқин вақт ичида Самарқанд шаҳрида барпо этилиши режалаштирилаётган “Буюк ипак йўли” музейининг лойиҳаси тақдимоти муҳокама қилинди. Мулоқот давомида лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари, уни амалга ошириш бўйича кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида фикр алмашилди.
"Шунингдек, учрашув давомида Мирзо Улуғбек расадхонасини реконструкция қилиш лойиҳасини ҳам кўздан кечирдик. Ушбу масканда ташриф буюрувчилар учун барча қулайликларга эга бўлган инклюзив муҳит яратилади", — дейилади хабарда.







