Янгийўлда бир оиланинг 5 нафар фарзандига “метрика” топширилди
Улар туғруқхонадан ташқарида туғилганлиги учун гувоҳнома ололмаганди.

Тошкент вилояти Янгийўл туманида бир аёлнинг турли ёшдаги 4 нафар фарзанди ва бир нафар набирасига туғилганлик ҳақида гувоҳнома топширилди. Уларнинг шу пайтгача гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари йўқ эди.
Улар тиббий ёрдамсиз туғруқхонадан ташқарида (хонадонида) туғилганлиги сабабли бугунги кунга қадар туғилганлик ҳақида гувоҳнома ололмаган.
Сардорбек ва Севинч 16 ёшдан ошган бўлса-да, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли ID-карта берилмаган. Оиланинг ўртанча фарзанди Садриддин 10 ёшга тўлган, бироқ бугунги кунга қадар умумтаълим мактабига, Самариддин ва Бехрузбеклар эса боғчага қабул қилинмаган эди.
Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси доирасида Зулхумор опанинг 4 нафар фарзандлари ва 1 нафар неварасининг туғилиши расмийлаштирилиб, гувоҳномалари шахсан адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев томонидан топширилди.
Эслатма: Ҳуқуқий акция доирасида фуқаролар бевосита туман (шаҳар) адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штаблар ёки “1148” қисқа рақамли ишонч телефони орқали мурожаатларини қолдиришлари мумкин.







