Такси ҳайдовчисини 10 марта пичоқлаб ўлдирган йигитга ҳукм ўқилди
Судланувчи жаҳл қилиб, бесабаб ҳайдовчини пичоқлаган. Натижада, 23 ёшли ҳайдовчи шифохонада вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида 23 ёшли йигитга нисбатан суд иши бўлиб ўтди. Судланувчи қасддан одам ўлдириш ва босқинчилик жиноятларида айбланди. Судда давлат айбловчиси судланувчини 19 йил қамоққа ҳукм қилишни сўради.
“Malibu-2” русумли автомашинасида “Яндекс Go” интернет иловаси орқали буюртма олган 23 ёшли ҳайдовчи учун нотаниш тенгдошининг чақириғи энг сўнгиси бўлди. У манзилдан уйига қайтолмаган.
Пойтахтда бизнес таърифида ҳаракатланувчи таксини чақирган йўловчи манзилга етгач пул билан ҳисоблашиш ўрнига жон билан ҳисоблашди.
Айблов хулосасига кўра, мижоз ҳайдовчини автомашинаси ичида пичоқлаб, ҳаётига суиқасд қилган. Судланувчи суд залида ўзи қўл урган вахшийлик ҳақида гапириб берди. Йўловчи ҳайдовчини нега ўлдирди? Қотилликда айбланаётган судланувчида айтарли жавоб ҳам йўқ:
— Ўша куни аёлим билан уришиб чиқиб кетгандим. Шунинг учун пичоқладим. Феруза-1 даҳасига бордик. Ҳайдовчи мени сўкди. Мен ўша пайт пичоқ урдим. У инсоннинг бақирганига ёнимизга машина келиб тўхтади, мен эса кетиб қолдим".
Содир этган жиноятингиз учун қандай жазо берилиши керак деб ўйлайсиз?
— Оғир жазога лойиқман. Қилган ишимдан афсусдаман. Атайлаб қилмаган эдим. Ўлдириш ниятим бўлмаган. Ўша кунги аҳволимни сизга тушунтириб бера олмайман-да. Ўзимдан ўтаётганини ўзим биламан.
Ҳайдовчидан нима талаб қилдингиз?
— Ҳеч нарса талаб қилмаганман. Ўзим жаҳл устида бўганим учун пул сўрамасдан туриб пичоқ урганман.
Давлат айбловчиси айблов хулосасида судланувчининг ҳаракатларини шундай изоҳлади:
"Марҳумнинг танасининг турли қисмларига, жумладан, инсон ҳаёти учун муҳим бўлган кўкрак, елка, қўлтиқ ости ва бошқа соҳаларига пичоқ билан кўплаб тан жароҳати етказиб, уни қасддан ўлдирмоқчи бўлганида уларнинг олдига бегона автомашина тўхтаганини кўриб қолиб, автомашидан тушиб ҳодиса жойидан яширинган. “Яндекс Go” интернет иловасидан фойдаланган ҳолда атайлаб бизнес режасидаги тарифда ҳаракатланувчи такси автомашинасига буюртма берган. Ҳайдовчиларнинг ёнида кўп миқдорда нақд миқдорда пул маблағлари йиғилишини била туриб соат 20: 52 да белгиланган манзилга етиб келиб йўл четида тўхтаган. Судланувчини айбдор деб топишингизни 19 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишингизни сўрайман", — деди Яккасарой тумани прокурори ўринбосари Сардор Аминов.
Айбловга кўра, у бизнес таърифдаги хизматдан фойдаланиб бўлгач, хизмат ҳаққи ошиб кетган. Йўл ҳаққи 86 минг бўлганини эшитган йўловчи тўлов қилмаган. Ўзининг ишқий муносабат ўрнатган аёл билан келишмовчилиги сабаб кайфиятсиз чиққан йигит қўлидаги пичоқни кутилмаганда ҳайдовчига санчган. Оғир жароҳат билан тунги 22 ларда кўчада қолган йигит, яхши инсонлар кўмаги билан шифохонага олиб борилган бироқ 9 кун ўтиб жон берган.
Воқеа жойидан қочиб кетган судланувчи 3 кун ўтиб қўлга олинган.
Судья сўроғига жавобан айбланувчи терговдагидан бошқача кўрсатма берган: Дабдурустдан унга ҳужум қилиб, 10 маротабагача тан жароҳати етқазилган. Мақсадим 16 миллион зарур эди дедингиз. Бир опамга керак эди дедингиз, бир оилавий шаройитимга дедингиз. Лекин гувоҳнинг кўрсатмалари, сиз билан бирга яшайдиган аёлнинг кўрсатмаси бўйича уч кун аввал ижарага 300 АҚШ доллар тўлаб бергансиз.
Судланувчи: Мен 10 маротаба пичоқламадим. 3-4 маротаба урганимни биламан. Ҳурматли судья оилада ёлғиз боқувчи менман. 3 нафар опам бор. Ота-онам нафақада. Мени кечиришингизни сўрайман, деди судланувчи.
Суиқасд – энг оғир жиноят. Ҳали ҳаёт неъматларига тўймаган ёшгина йигит умрига якун ясаган йигит қилмишига ҳеч қандай арзирли сабаб ҳам йўқлиги кишини янада ажаблантиради. Ҳайдовчи бошқарувидаги қора рангли, давлат рақами 70 **** бўлган йигит асли Қашқадарёлик. Бир нафар фарзанди энди отасиз вояга етадиган бўлди.
Энди ўзига бир умр қотил деган тамғани қўйган йигитнинг ёшлик йиллари пажара ортида ўтадиган бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Фарҳод Абдушукуров қотилликда айбланаётган судланувчи йигитдан шундай ҳукм ўқиди: Ўзбекистон Республикаси ЖК-97 моддаси 2-қисми “в, ж, и” бандлари, 164-моддаси 3-қисми “г” банди билан айбли деб топилсин. Тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташлик учун 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Тайинланган жазонинг 3 йилини турмада қолган қисмини умумий тартибли калонияларда ўтаттириш белгилансин.








