Адлия вазирлиги Nokia компаниясининг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилди
Судлар товар белгисидан ноқонуний фойдаланган 8 нафар шахсга 24 миллион сўмга яқин жарима тайинлади.

Вазирлик матбуот котиби Севара Уринбаеванинг маълум қилишича, Адлия вазирлиги “Nokia Corporation"нинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилди.
Мурожаат асосида Адлия вазирлиги томонидан тегишли тартибда ўрганишлар ўтказилди. Натижада, Тошкент шаҳрида “Nokia” товар белгиси билан айнан бир хил бўлган контрафакт маҳсулот сотилаётгани аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун судларга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур ҳамда Чилонзор туман судлари томонидан саккиз нафар шахсга 23 миллион 760 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Ҳуқуқбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-моддаси биринчи қисми — муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилди.







