“Тошкент ИЭС”да мазутдан фойдаланилаётганлиги фош бўлди
Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган.

Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 23–31 январь кунлари вазирлик томонидан Тошкент вилояти Қибрай тумани Салар шаҳарчасида жойлашган “Тошкент ИEС” фаолияти текширилган.
Текширув давомида корхонада газ асосий ёқилғи ҳисоблангани, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқланган. Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган.
Текширув натижаларига кўра иссиқлик электр станциясига атроф-муҳитни ифлослантиргани учун 1 млрд 23 млн сўм (атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 759 млн, нефть маҳсулотлари билан ерни ифлослантирганлик учун 264 млн) миқдорида компенсация белгиланди.
Бундан ташқари, ИEСга аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан 16 банддан иборат мажбурий кўрсатмалар берилди.
Айни дамда тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқбузарликка йўл қўйган ИEС мансабдор шахсларига тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига юборилмоқда.







