"Ғишткўприк" чегара постида йўловчи юкларини олиб ўтишда муаммо бўлдими?
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Бошқарма ушбу хабарларда гўёки, "Ғишткўприк" чегара божхона пости орқали ўтаётган йўловчиларнинг юклари, хусусан эски ишлатилган товарлар божхона ходимлари томонидан киритилмаётганлиги қайд этилганини билдирган.
Аммо айрим фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган бу каби хабарлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги айтилмоқда.
"Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512-сон қарорига мувофиқ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг автойўл (пиёда) божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда —300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришингиз мумкин!
Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларнинг қандай мақсадга мўлжалланганлигини аниқлашда товарларнинг миқдори ҳисобга олинади ва бунда товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс ва унинг оила аъзолари эҳтиёжларидан ортиқ миқдордаги бир турдаги товарларга, агар товарларни олиб ўтаётган шахс аксини исботлаб бермаса, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун олиб кирилаётган товарлар деб қаралади", — дейилади хабарда.
Юқорида қайд этилган ҳар қандай товарни белгиланган норма ва/ёки даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда белгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 4508-сонли қарорига мувофиқ ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъий назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.
Ягона божхона тўлови ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.
Шунингдек, жисмоний шахслар амалдаги тартибларга мувофиқ олиб Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтишда ўзлари билан олиб кетаётган товар вa моддий бойликларнинг ПҚ-3512-сон қарори ва ВМ 463-сон қарор билан белгиланган меъёрлар асосида ишончли вa тўғри декларацияланиши учун қонун ҳужжатларга мувофиқ жавобгар бўлиши эслатиб ўтилган.
"Тошкент вилояти божхона бошқармаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёрлигини маълум қилади", — дея хабар сўнггида таъкидлаб ўтилган.







