“Боғча” очган 1,5 мингдан ошиқ тадбиркор ноқонуний ҳаракатлар содир этгани аниқланди
Ҳозирда уларга огоҳлантириш хатлари юборилган.

Мактабгача таълим агентлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, 1,5 мингдан зиёд "боғча"да Давлат бюджетидан ноқонуний пул маблағларини ўзлаштириш ҳаракатлари мавжуд.
2023 йил 27 декабрь ҳолатига 734 та ДХШ асосида МТТлар томонидан бир боланинг маълумотлари НМТТБАТга киритилиб, унинг фотосурати ўрнига бошқа боланинг фотосурати асосида давомати белгиланиб келган. Натижада уларга нисбатан 8,8 млрд сўм субсидия тўловлари уч ойга тўхтатилди.
895 та ДХШ асосида, жумладан, оилавий МТТлар томонидан воситачилар ёрдамида компьютерларда виртуал мобил қурилмани яратиш орқали ҳақиқатда МТТга келмаган тарбияланувчи ва ходимларнинг давомати сохталаштирилиб НМТТБАТга юборган. Уларга огоҳлантириш хатлари юборилди. 8,9 млрд сўм асосланмаган субсидия тўловларининг молиялаштирилиши олди олинди.
Маълумотлар тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.







