АҚШ Яқин Шарқдаги нишонларга янги зарбалар беришини эълон қилди
Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси маълум қилди.

Қўшма Штатларнинг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг айтишича, мамлакат Яқин Шарқдаги "Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган" гуруҳларга зарба беришда давом этади.
Салливан АҚШ томонидан Эроннинг халқаро тан олинган ҳудудига зарба беришни истисно этмади.
"Мен шуни айта оламанки, президент бизнинг халқимизга қилинган ҳужумларга қатъий жавоб бериш ниятида. Шунга қарамай, Президент Яқин Шарқдаги урушни кенгайтиришга интилмаяпти", — дея таъкидлади Салливан NBC телеканалига берган интервьюсида.
Январь ойи охирида Иордания — Сурия чегарасидаги АҚШ базасига дронлар томонидан берилган зарбадан сўнг Қўшма Штатларнинг уч нафар аскари ҳалок бўлган эди.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳларга ҳаво ҳужумлари уюштиргани муносабати билан Россия илтимосига кўра, 5 феврал куни Нью-Йоркда фавқулодда йиғилиш ўтказиши маълум бўлди, деб ёзади AFP дипломатик доираларга таяниб.
Нашрнинг ёзишича, Россия "тинчлик ва хавфсизликка таҳдид туфайли" фавқулодда йиғилиш ўтказишни талаб қилган.







