Трамп йил охиригача Украина бўйича тинчлик келишувига эришмоқчи — FT
АҚШ демократлар Конгресс устидан назоратни қўлга киритишидан аввал Россия ва Украина ўртасида келишувга эришишга шошилмоқда.

Дональд Трамп маъмурияти 2026 йил охиригача Россия ва Украина ўртасида тинчлик келишувига эришишга интилмоқда. Бунга 2027 йил январидан демократлар АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасини назоратга олиши мумкинлиги сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Financial Times (FT) хабардор манбаларга таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, Оқ уй ўз мақсадини Европа ва Украина расмийларига етказган. АҚШ музокараларда шошилмоқда, бироқ Украина сезиларли ҳудудий ён беришларга мажбур бўлиши мумкинлигидан хавотирлар мавжуд.
Украина расмийлари Starshield тизимига қўйилган тезлик чекловлари ва Patriot ракеталари етказиб берилишидаги кечикишларни Вашингтоннинг Киевга босимни кучайтириш ҳаракати сифатида баҳоламоқда.
Трамп эса Путин урушни дипломатик йўл билан тугатишни истаётганини айтган. 20 ноябрь куни Хитойда Путин билан учрашувдан сўнг Россия раҳбари урушни якунлаш истагини билдирганини таъкидлаган. Трамп келишувга эришишдаги асосий тўсиқ Путин ва Зеленский ўртасидаги кескин муносабатлар эканини қайд этган.
Бироқ Москва тезкор келишувга эришиш борасида Вашингтоннинг оптимистик қарашларига қўшилмаяпти. Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Украинанинг NATOга аъзо бўлиши ёки унга альянс доирасида хавфсизлик кафолатлари берилиши бўйича таклифларни рад этишини билдирган.
Путин ҳам Украина билан қисман сулҳ тузиш имкониятини кўриб чиққанини, бироқ Қрим кўпригига қилинган ҳужумлардан кейин бу фикридан қайтганини айтган.
The Kyiv Independent манбаларига кўра, Трампнинг музокарачилари Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер Берлиндаги учрашувларда ҳозирги музокаралар келишувга эришиш учун сўнгги реал имконият бўлиши мумкинлигини билдирган. Хабарларга кўра, демократлар 2027 йил январидан Киевга ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.








