Сирдарёдаги ноқонуний қурилма бўйича изоҳ берилди
Маълум бўлишича, янги бино қурилишида пудратчи томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилган.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги қурилиш назорат қилинмаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу объект Гулистон шаҳар «Намуна» МФЙ Бирлашган кўчасида жойлашган "Ёшлар меҳнат гузари" биноси ҳисобланади.
Объект 2022 йил 20 март куни “Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимидан рўйхатидан ўтган, аммо “Қурилишда давлат назорати” миллий ахборот тизими орқали қайта рўйхатдан ўтказилмаган.
Ҳолат Жиззах вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси ҳамда лойиҳа ташкилоти мутахассислари томонидан бориб ўрганилганда пудратчи томонидан қурилишда қуйидаги қоидабузарликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:
➖объектда малакали мутахассис (прораб) мавжуд эмас;
➖яширин ишларни гувоҳлаш далолатномалари расмийлаштирилмаган;
➖пойдевор ости ишлари учун Ф-8 ва акт разбивка ҳужжатлари мавжуд эмас;
➖пойдеворнинг бетон ишлари нотекис ва ташқи вертикал гидроизоляция ишлари сифатсиз бажарилган;
➖бинонинг 1-қавати 3-4 ўқлари А ва Б кесишмасида тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларида қаватлараро зинапоя ва зинапоя майдончалари ўрни лойиҳа билан келишилмасдан ўзбошимчалик билан бинонинг конструктив ҳолатига ўзгартириш киритилган;
➖ 3-қаватдаги иккинчи ўқ Б-Б кесишмасидаги қуйилган темир-бетон устунларнинг ўзаро горизонталь ва вертикал ўқлардан 5-6 см қочган;
➖бетон учун синов – лаборатория хулосалари пудратчи томонидан тақдим этилмади.
Маълумот учун, бугунги кунда мазкур объектда қурилиш ишлари тўхтатилиб, буюртмачига огоҳлантириш хати берилган ҳамда ушбу ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан судга даъво аризаси киритилган.







