Боғча ва мактаблар қуриш бўйича буюртмачи компания ташкил этилди
Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

“Мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳаси обектларини барпо этишда буюртмачи хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси ташкил этилади.
2024–2026 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида компания мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради.
Унга объектлар учун марказлашган ҳолда асосий қурилиш материаллари, жиҳозлар ва конструкцияларни (қурилиш жараёни билан боғлиқ бўлмаган мебель жиҳозлари ва асбоб-ускуналар бундан мустасно) харид қилиш ҳуқуқи берилади.
Компания обектларнинг сифатини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида ҳудудлар кесимида ҳар бешта обектга камида битта техник назорат ходимини бириктиради.
Компанияга маҳаллий ва хорижий бошқарувчи, маслаҳатчиларни (ПМС – Прожест Манагемент Сонсултансй) тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифлар орасидан танлаб олиш ва тўғридан тўғри шартнома тузиш орқали жалб қилиш ҳуқуқи берилади.








