Қорақалпоғистонда салкам 15 минг истеъмолчи электрдан узилиб қолди
Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан маълумот берди.

Бугун, 10 февраль куни соат 18:44 да Қорақалпоғистон Республикасидаги 110 кв кучланишли «Л-Нукус-2» электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган.
Бунинг натижасида Нукус шаҳри, Чимбой, Тахтакўпир, Бўзатов, Кегейли ва Нукус туманлари истеъмолчилари қисман (14 минг 500 та) электр таъминотидан узилган.
Ҳозирги вақтда махсус бригада томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Унга қадар ўчиқ турган истеъмолчиларни бошқа манбалар орқали электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўриляпти. Қисқа вақт ичида ушбу ҳудуд истеъмолчиларининг электр таъминоти қайта тикланади.







